UZ
RU
EN
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги
(+99871) 234-11-03
info@mjko.uz
Сайт харитаси
Сайт тест режимда ишламоқда
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

Янгиликлар

КОРРУПЦИОНЕР БИЛАН МУРОСАГА КЕЛИНМАЙДИ!!!

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолига сифатли коммунал хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилаш, уй-жой мулкдорлари ширкатларининг иш сифатини ошириш ва уларнинг молиявий – иқтисодий барқарорлигини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шунга қарамай, 2019 - 2020 йиллар ҳамда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тизимдаги ходимлар томонидан коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилган.

Бугун вазирликда коррупция, талон-тарожлик ва шу каби жиноятларга етакловчи омиллар, унга қарши кураш бўйича танқидий учрашув бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ва “Ўзсувтаъминот” АЖ ташкилотлари зум платформаси орқали иштирок этди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси масъул ходими ҳам қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси таҳлилларига кўра, ўтган давр мобайнида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимидаги 178 нафар ходим коррупцияга қўл уриб, жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 70 нафари “Ўзсувтаъминот” АЖ, 37 нафари “Сув таъминоти ва канализация объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси”, 20 нафари “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” ДУК , 15 нафари “Кўп хонадонли уйлар, иссиқлик таъминоти объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси”, 10 нафари уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқарма ва бўлимлари, 9 нафари “Тошиссиққуввати” ДУК , 9 нафари “Иссиқлик манбаи” ДУК ва 8 нафари тизимдаги бошқа ташкилотларда фаолият юритган.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров яратиб берилаётган қатор имкониятларга қарамай, коррупциявий ҳолатлар кузатилётгани юзасидан вилоят ва шаҳар мутасадди раҳбарлари фаолиятини қаттиқ танқид остига олди. Мавжуд ҳолатларни келтириб чиқараётган сабабларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси масъул ходими Каримжон Мусашайхов ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимизда коррупцияга қарши олиб борилаётган кескин чора-тадбирлар юзасидан фикр билдирди. Хусусан, давлат ташкилотларида комплаенс-назорат бўлимларининг ташкил этилиши мазкур жиноятга қарши курашишда устувор масалалардан бир бўлганини алоҳида таъкидлади.

Йиғилиш сўнгида қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича зарур топшириқ ва вазифалар белгилаб олинди.

Маълумот учун, тизимдаги коррупциявий жиноятга Фарғона вилотида энг кўп, яъни 38 нафар ходим қўл урган. Шунингдек, Сирдарё вилоятида 24, Жиззах вилоятида эса 23 нафар ходим қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган.