UZ
RU
EN
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги
(+99871) 234-11-03
info@mjko.uz
Сайт харитаси
Сайт тест режимда ишламоқда
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

Раҳбарият чиқиш ва баёнотлари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВАЗИРИНИНГ 18 АПРЕЛЬ - УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СОҲАСИ ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ Т А Б Р И Г И

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВАЗИРИНИНГ 18 АПРЕЛЬ - УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СОҲАСИ ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ

Т А Б Р И Г И

Ассалому алайкум, азиз дўстлар!

Муҳтарам ҳамкасблар!

Аввало, барчангизни касб байрамимиз, 18 апрель - Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу тилакларни билдираман.

Ҳар кимнинг ватан ичра кичик ватани, яъни ўз уйи борки, уй-жой коммунал хизмат кўрсатилишига эҳтиёжи бўлади. Шу маънода, турли касб эгалари орасида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларининг муносиб ўрни бор.

Қишнинг совуқ кунларида иссиқлик таъминоти, ёзнинг жазирамасида эса ичимлик суви тизими соз ҳолда бўлиши кишилар саломатлиги ва жамиятнинг кайфиятига нечоғли таъсир қилишини инобатга олсак, соҳамиз фидойиларининг нақадар масъулиятли касб эгалари экани янада теранроқ англашилади.

Бир сўз билан айтганда, юртдошларимиз оғирини енгил қилишдек захматли ва сермашаққат касбу-кор билан жамиятда муносиб ўрин топаётган соҳамиз ходимлари фаолияти алоҳида эътирофга сазовордир.

Азиз дўстлар!

Кейинги тўрт йилда мамлакатимизнинг барча жабҳаларида бўлгани каби уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам туб бурилишлар амалга оширилди. Мазкур эзгу ташаббуслар шахсан Давлатимиз раҳбарининг диққат марказида ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлови билан бўлаётгани боис муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳамиз кун сайин такомиллашиб бормоқда.

Сўнгги тўрт йилда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига оид 4 та Қонун, Президентимизнинг 23 та қарор ва

6 та Фармонлари қабул қилингани соҳа ривожи Ҳукуматимиз томонидан алоҳида диққат-эътиборда эканини яна бир бора тасдиқлайди.

Мана шундай қутлуғ саналарда кишида ўтган йилларга, амалга оширилган эзгу ислоҳотлар сарҳисобига маънавий эҳтиёж юзага келади.

Юртдошларимиз учун тоза ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти қамрови ҳамда сифатини оширишга, кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ишларимиз юзасидан ўтган 2020 йилда Республика ҳудудларида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шу йўналишда 1,99 трлн. сўм миқдордаги бюджет маблағлари ҳисобидан 550 тадан ортиқ объектлар фойдаланишга топширилди.

Сув таъминоти бўйича халқаро молия институтлари ҳамкорлигидаги 16 та йирик лойиҳалар доирасида 82,5 млн. долларга яқин кредит маблағлари ўзлаштирилди. Натижада 1,2 млн. нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

Иссиқлик таъминоти соҳасини ривожлантириш натижасида қўшимча 370 та кўп квартирали уйлар ва 26 та ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти қайта тикланди ва яхшиланди. Хусусан республиканинг бешта шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш учун Жаҳон банки иштрокида қиймати 140 млн. доллар бўлган “Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд шаҳарлари ва Сергели тумани марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси бошланган.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 5 та шаҳарнинг 2 056 та кўп хонадонли уйларидаги 84 608 та хонадонга иссиқлик таъминоти етказиш кўзда тутилган.

Шаҳар ва туманлардаги 4 522 тадан ортиқ кўп квартирали уйлар таъмирланди, уйларга туташ ҳудудлар ободонлаштирилди, 727 та болалар майдончалари, 422 тандирхоналар, 397 та умумий ҳожатхоналар қурилди ва таъмирланди.

Муҳтарам соҳамиз фидойилари!

Санаб ўтилган мана шу барча ижобий натижалар ва эзгу ютуқларга Сиз азизлар билан биргаликда эришдик! Бунда ҳар бир ҳамкасбимизнинг алоҳида ва муносиб ўрни бор. Эл корига ярашдек савобли ва фахрли ишларни бажаришдаги машаққатли меҳнатингиз юксак эътирофга муносибдир.

Шу ўринда вазирлигимиз марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоят бошқармалари, туман бўлимлари, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти, лойиҳачи, буюртмачи ташкилотларимиз ҳамда “Уйжойфондинспекцияси” ва “Сувинспекцияси” раҳбар ва ходимларига ўз ташаккуримизни изҳор қиламан. Бироқ, бу ҳаётда ҳеч бир нарса бир жойда тўхтаб турмаганидек, биз ҳам мунтазам ўз устимизда ишлашимиз, изланишимиз ва янада юксакроқ марраларни забт этишга астойдил ҳаракат қилишимиз лозим. Зеро, Президентимиз такрор ва такрор таъкидлаганларидек, юрдошларимиз эртага эмас, БУГУН яхши яшашни истайди. Халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун эса, айниқса коммунал хизмат кўрсатиш объектлари соз ҳолда бўлиши керак.

Одамларни қийнаб келаётган коммунал муаммоларни ким бартараф этади? Албатта, соҳамиз вакиллари. Хали олдимизда амалга оширишимиз зарур ва ҳал қилишимиз лозим бўлган коммунал муаммолар талайгина.

Айнан мана шулар бугунги кунда аҳолимизнинг соҳамиз фаолиятига нисбатан ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шу маънода келгусида амалга оширишимиз лозим бўлган ишларимизга жиддий қатъият билан киришишимиз бугунги куннинг бош талабидир.

Ҳозирги шиддаткор замон биздан ҳар бир соҳада ишни аниқ, пухта ва инновацияга асосланган режалар асосида юритишни талаб этмоқда. Бу жиҳат, айниқса, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида жуда ҳам муҳим. Кейинги пайтларда кўп қаватли турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектлари сони тобора ортиб бораётганини инобатга олсак, бу соҳа ходимлари зиммасига янада катта масъулият юклайди, уларни доимий изланишда бўлишга ундайди, албатта.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудлардаги ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича асосий параметрлар ишлаб чиқилган бўлиб, жорий 2021 йилда 6 мингга яқин км узунликдаги сув тармоқлари ва 559 та иншоотлар ишга туширилиши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йилда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун жами 2 трлн. 239 млрд.сўм, шу жумладан инвестиция дастури доирасида — 1 трлн.

155 млрд.сўм ҳамда қўшимча манбалардан 1 трлн. 55 млрд.сўм, ташаббускор тадбиркорлар ва аҳоли ҳисобидан эса 28 млрд.сўм маблағ ажратилган.

Шунингдек, жорий йилда 5 792 та кўп қаватли уйларда мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилади ҳамда 671 та болалар майдончалари қурилади ва таъмирланади.

Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 1 000 тадан ортиқ кўп қаватли уйларни таъмирлаш ҳамда атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

2021 йилда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш учун республика бюджетининг 100 млрд.сўм маблағлари ҳисобидан 4 та объектларда модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, аҳолига кўрсатиладиган коммунал хизматлар сифатини тубдан ошириш мақсадида фаолиятимизни такомиллаштиришнинг муҳим йўналишларини белгилаб олдик. Бунда, аввало, махсус ахборот порталини яратиш орқали шаффофликни таъминлашни мақсад қилганмиз.

Электрон тизим орқали сметада кўрсатилган сарф-харажатлар, шунингдек, ширкатлар фаолияти ҳам онлайн режимда кузатиб борилади. Натижада юртдошларимизнинг ширкатларга тўлаган мажбурий бадалларини айнан нимага сарфланаётганини билиб, кузатиб бориш имкони яратилади.

Шу билан бирга, профессионал бошқарув компанияларининг электрон рейтингини жорий этиш орқали аҳолига ўзларига хизмат кўрсатувчи компанияни танлаш имкониятини бериш натижасида рақобатни ривожлантириш ва хизмат сифатини яхшилашга эришишни ҳам режалаштирдик ва бу борадаги амалий ишларни ҳам бошладик.

Шулар билан бирга, лифтларни эксплуатация қилиш жараёнида бошқарув компаниялари томонидан Ягона диспетчерлик хизмати орқали онлайн хабардор қилиш тизимини яратиш, спорт майдончалари, ўспиринлар учун машғулотлар зоналари (Workout), қариялар учун дам олиш жойлари ва автотураргоҳларни ажратиб туришни назарда тутадиган кўп қаватли уйларнинг туташ ҳудудлари типик схемасини ишлаб чиқишни йўлга қўямиз.

Кўп хонадонли турар жой биноларини фойдаланишга қабул қилиш комиссияси таркибига Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ходимларини киритиш орқали қуриб битказилаётган янги биноларда талаб даражасидаги коммунакация тармоқларини таъминлашни мақсад қилганмиз.

Шунингдек, профессионал бошқарув компаниялари бозори ривожланишини ҳисобга олган ҳолда кўп қаватли уйлар учун “House master”, яъни “Ақлли бошқарув” дастурларини яратиш борасида ҳам аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдик.

Дунё билан ҳамнафас бўлиш бугуннинг долзарб талаби. Шу маънода соҳани ривожлантиришда илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганиш мақсадида Россия Федерацияси ва Туркия Республикаси каби давлатлар билан халқаро ҳамкорлик ишларини ҳам ривожлантирдик.

Барча жабҳаларда бўлгани каби уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам малакали кадрлар сув ва ҳаводек зарур. Шунинг учун ҳам тизимдаги кадрлар малакасини ошириш, соҳага иқтидорли ёшларни кенг жалб қилиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз.

Шунингдек, ходимларнинг маънан ва жисмонан баркамол бўлишлари учун тизимда маънавий — маърифий ҳамда спорт тадбирларини мунтазам ўтказиб бориш эзгу анънанага айланган.

Пировард мақсад эса коммунал хизматлар сифатини тубдан ошириш ва соҳада соғлом рақобатни шакллантириш орқали элимиз корига яраш, юртдошларимиз оғирини енгил қилишдан иборат.

Азиз ҳамкасблар!

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барчангизни 18 апрель — “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни” муносабати билан чин қалбдан табриклайман. Олдимизда турган долзарб тизимли ислоҳотларни бирдамлик ва якдиллик билан амалга оширишда барчангизга мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик тилайман!

Ўзбекистон Республикаси

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири

Хидоятов Шерзод Саиджонович