UZ
RU
EN
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги
Ишонч телефони
(+99871) 234-11-03
Электрон манзил
info@mjko.uz
Сайт харитаси
Вазирга таклиф
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

Янгиликлар

Раҳбарликка таcодифан келиб қолишнинг олди олинади

Президент давлат идораларида “маҳалладан – республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстириш тизими жорий қилинишини таъкидлади.

“Биз давлат хизматини маҳаллага тушириш бўйича катта ислоҳотларни бошладик. Ҳар бир маҳаллада – раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлардан иборат яхлит тизим яратилди.

Бундан буён, раҳбарлик лавозимларига номзодлар маҳаллада одамлар билан ишлаган, уларнинг муаммосини ўз кўзи билан кўриб, ҳал қилган кадрлар орасидан танлаб олинади”, деди давлатимиз раҳбари.

Шунинг учун, 1 ноябрдан:

- эски намунадаги “объективка”дан воз кечилиб, илғор IT-технологиялар асосида ходимнинг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтилади;

- ходимни баҳолашда қайси олийгоҳни битиргани ёки қаерда ишлагани эмас, қандай билим-тажрибага эгалиги ва кўрсатган натижалари асосий мезон бўлиши шарт. 

"Оддий қилиб айтганда, раҳбарликка таcодифан келиб қолишнинг олди олинади", деди Президент.
 

Туман ёки шаҳар даражасидаги раҳбарлик учун Салоҳиятли кадрлар резерви тузилади:

- унга номзодлар фақат маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан танлаб олинади;

- улар учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади;

- ушбу ёшлар камида бир ой вазирлик ва ҳокимликларда иш ўрганиб, малака оширади;

- хорижий мутахассислар билан бирга, уларнинг шахсий фазилатлари, психологик ҳолати таҳлил қилиниб, раҳбарлик кўникмалари шакллантирилади.

“Яъни, компетенциясига қараб, билим ва кўникма етмаганларни ўқитамиз, тажриба етишмаса ўргатамиз”, деди Президент. 

Мутасаддиларга йил якунига қадар Салоҳиятли кадрлар резерви учун ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан 1 минг нафар номзодни танлаб, таклифлар киритиш топширилди. 

“Куни кеча ярим йил якуни бўйича яхши натижа кўрсатган 65 нафар ҳоким ёрдамчиси ва 40 нафар ёшлар етакчиларини Салоҳиятли кадрлар резервига ўзим танлаб олдим”, деди Президент.

Уч ой муддатда “100 та илғор етакчилар” дастурини бошлаш вазифаси қўйилди. Дастур доирасида давлат хизматчилари, фаол тадбиркорлар, хориждаги ватандошлар орасидан ҳар икки йилда 100 нафар салоҳиятли ёш кадрлар танлаб олинади. 

Улар учун алоҳида ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, хорижда стажировка ўташ тизими жорий этилади. Ўқитиш якуни билан ушбу кадрлар давлат тизимидаги нуфузли лавозимларга номзод бўлади.

Бундай дастур Бирлашган Араб Амирликларида ижобий натижаларини кўрсатгани таъкидланди.